Халқаро ҳамкорлик самараси: Истиқболли лойиҳалар

26 ноя 2018

Институтнинг катта илмий ходими, ф.-м.ф.д. Усманов Дилшадбек Турсунбаевич раҳбарлигида Ўзбекистонда биринчи марта АҚШнинг Олимпия ва Антидопинг қўмиталари томонидан молиялаштириладиган “Partnership for Clean Competition” фондининг спортда соғлом рақобатни оширишга қаратилган дастурларида “Морфинни бионамуналарда юқори сезгирликда аниқлашнинг сирт ионлашиш усулини ривожлантириш” мавзуидаги илмий-тадқиқот микрогранти ютиб олинди. Лойиҳанинг бажарилиш муддати - 6 ой. Лойиҳанинг молиявий ҳажми 16900 АҚШ долларини ташкил этади.

Латвия Республикаси Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасидаги илмий-техникавий ҳамкорлик доирасида Латвия Республикаси томонидан эълон қилинган илмий-тадқиқотлар бўйича ўтказилган танловда институт ёш олими катта илмий ходим, ф.-м.ф.н. Махманов Урол Кудратович ғолиб бўлди. Нанотехнологияларнинг долзарб муаммолари бўйича ҳамкорликда илмий-тадқиқотлар олиб бориш учун 2018 йилнинг 1 декабридан - 2019 йилнинг 31 мартигача Латвия университетида (Латвия, Рига) хизмат сафарида бўлиши режалаштирилган.

Илмий стажировка мақсади:
Наноўлчамли заррачалар, хусусан С60 ва С70 фуллеренлари молекулаларининг турли органик эритувчилардаги эритмаларида ҳамда қаттиқ таглик сиртидаги фуллеренлар эритмалари томчиларининг иссиқликдан буғланиш жараёнларида молекулаларнинг ўз-ўзидан йиғилиши ва ташкилланиш қонуниятларини тадқиқ қилиш.

Кутилаётган натижалар:

  • Латвия университети базасида мавжуд ўта юқори аниқликдаги микроскопик ва спектроскопик қурилмалар (Atomic Force Microscope Asylum Research MFP-3D BIO, First Nano's EasyTube™ 101 System, Field Emission Scanning Electron Microscope Hitachi S-4800, Dark field micro spectroscopy system ва б. ) ёрдамида nС60 ва nС70 наноагрегатлари ўсиши, турли таъсирларга барқарорлиги, шунингдек ўлчамли ва структуравий хусусиятлари тадқиқ қилинади.
  • Наноўлчамли заррачалар молекулаларидан шарсимон шаклдаги зич йиғилган ва фрактал ғовак наноагрегатлари синтезининг янги тезкор усули ишлаб чиқилади. Ушбу усул хона ҳароратида буғланаётган фуллеренлар эритмалари томчиси ҳажмида С60 ва С70 фуллеренлари молекулаларининг қаттиқ таглик сиртида ўз-ўзидан ташкилланишига асосланган.
  • Таклиф этилаётган усулнинг қуёш энергетикаси учун зарур бўладиган силлиқ шиша таглик сиртида С60 ва С70 фуллеренлари молекулаларидан юпқа (200 нм дан кичик) икки ўлчамли (2-D) пленкалари синтезида ишлатилиши имкониятлари ўрганилади.