Ион-плазма ва лазер технологиялари институти етакчи илмий ходими ф.-м.ф.д., профессор Сирожиддин Мирзаев Германия Федератив Республикасининг олий орденига лойиқ деб топилди

1 июнь 2018

2018 йилнинг  1-июн куни Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси У.А.Арифов номидаги ион-плазма ва лазер технологиялари институти етакчи илмий ходими, ф.-м.ф.д., профессор Мирзаев Сирожиддин Зайниевич “Германия Федератив Республикаси олдидаги хизматлари учун” ордени билан мукофотланди.
Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Гюнтер Оверфилднинг таъкидлашича “Сирожиддин Мирзаев физика фани соҳасида юксак ютуқларга эришган олим булиб, у нафақат таниқли тадқиқотчи, балки илм-фаннинг ажойиб ташкилотчиси. У шунингдек, Александр вон Гумболдт фонди фан элчиси ҳамда Ўзбекистон ва Германия талабалари, олимлари ҳамкорлигини қўллаб-қувватлайди”.
“Германия Федератив Республикаси олдидаги хизматлари учун” бу Германиянинг олий орденидир. Орден 1951-йилда биринчи федерал президент Теодор Хойсс томонидан таъсис этилган. Бу олий даражадаги мукофот сиёсат ва иқтисодиёт соҳасида, шунингдек, ижтимоий, маънавий ва хайрия соҳаларида Германия олдидаги хизматлари учун немис ва хориж фуқароларига берилади.